Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида консуллик бўлимлари
(last modified Fri, 23 Dec 2016 13:44:45 GMT )
декабр 23, 2016 18:44 Asia/Tashkent
  • Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида консуллик бўлимлари

Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида консуллик бўлимлари

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида консуллик бўлимларини очади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 21 декабрь куни «Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимларини очиш ҳамда Термиз шаҳридаги Консуллик бўлимининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилган.

Мазкур қарор республика ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар устувор лойиҳаларни амалга оширишга ҳам хизмат қилиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра, хорижий давлатлар фуқароларига тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатиш мақсадида консуллик бўлимлари Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Термиз халқаро аэропортлари биноларига жойлаштирилади.

Ўзбекистон раҳбари консулликлар зиммасига юкланадиган асосий вазифаларни белгилаб берган. Консуллик бўлимлари хорижга чиқувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатга келувчи чет элликларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестицион ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш учун хизмат қилади.

 

Ёрлиқ