Мирзиёев: Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликдан манфаатдор
(last modified Tue, 03 Jan 2017 06:55:45 GMT )
Январ 03, 2017 11:55 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев: Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликдан манфаатдор

Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга мактуб йўллади

Ўзбекистон Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида маълум қилди.

2017 йилнинг 2 январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди.

“Мамлакатларимизнинг ҳар томонлама ва самарали ҳамкорлигининг унутилмас солномасидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқи номидан Сизни ва бутун Хитой халқини самимий табриклаш менга улкан мамнуният бағишлайди” – дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон раҳбари.

“Ўзбекистон ва Хитой алоқалари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган”, - таъкидлаб ўтди Ўзбекистон Президенти.

“Изчил ва муттасил ривожланиб бораётган, жаҳонда улкан нуфуз ва таъсирга эга Хитой Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бормоқда”, - деди у. 

“Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари бугунги кунда аввало Сизнинг шахсий ташаббусингиз туфайли том маънода ҳар томонлама чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли мазмун касб этган ҳамкорликка айланди. Томонларнинг изчил ва қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорлик шаклланди, давлатлараро ва ҳукуматлараро ташрифлар мунтазамлик касб этди”, - таъкидлаб ўтди Мирзиёев. 

“Биз Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган ва чуқур ўйланган, вазмин ташқи сиёсат йўли, ягона Хитой сиёсати, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш борасидаги тадбирларни доимо қўллаб-қувватлаймиз”, - қўшимча қилди у. 

“Ўзбекистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор”, - таъкидлаб ўтди Ўзбекистон раҳбари. 

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган бўлиб, унинг энг муҳим асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сизнинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифингизни, унинг доирасида тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёнот имзоланганини ҳамиша катта мамнуният билан эслаймиз. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди”, - таъкидлаб ўтди Президент. 

“Савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасидаги энг муҳим дастурларни Хитой изчил қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Хитой кўмаги ва иштирокида саноат, энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг миқёсли юқори технологик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди”, - деди у. 

“Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолият бошлагани иқтисодий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очмоқда”, - деди Мирзиёев. 

“Яқин келажакда бўладиган олий даражадаги учрашув Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг ҳар томонлама ривожига янада жадал суръат бағишлашига, ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг барча масалалари бўйича мулоқотларимизни давом эттириш учун қулай имконият бўлади, деб ишонаман”, - таъкидлаб ўтди у.

“Фурсатдан фойдаланиб, Сизни, муҳтарам Си Цзиньпин жаноблари, оила аъзоларингиз ва яқинларингизни чин қалбимдан Янги йил билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга зафарлар, дўст Хитой халқига фаровонлик ва тараққиёт тилайман”, - дея таъкидлаб ўтган Ўзбекистон раҳбари.