Ўзбекистон ва Қозоғистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
(last modified Sat, 11 Mar 2017 04:53:19 GMT )
март 11, 2017 09:53 Asia/Tashkent
  • Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Қозоғистон Республикаси
    Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Қозоғистон Республикаси

2017 йилнинг 10 март куни Тошкент шаҳрига Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби В.Жумаканов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Кун. ўз сайтига кўра, икки давлат ташкилотлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этган музокараларда барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидлар, диний экстремизм ва терроризм билан кураш соҳасидаги ҳамкорлик, ноқонуний миграция ва бошқа хавфли ҳолатлар бўйича ўзаро ҳаракатлар истиқболлари муҳокама қилинди. 

Ўзаро фикрлар алмашинуви икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича позициялари ўхшашлигини тасдиқлади.

Пайдо бўладиган замонавий таҳдидларга ҳамкорликда жавоб чоралари кўриш учун ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. 

Томонлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги Келишув руҳида янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Таъкидланишича, икки мамлакатнинг хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳаракатлари бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва турғун ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувларнинг идоралараро механизми биринчи йиғилиши кун тартибида икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва куч маҳкамалари ўртасидаги замонавий барқарорлик ва хавфсизлик таҳдидларига қарши курашдаги ўзаро ҳаракатлар, тегишли идораларнинг ноқонуний миграция билан кураш соҳасидаги ҳамкорлиги, икки мамлакат божхона органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва маълумот алмашишни кенгайтириш масалалари бор.