Бутунжаҳон антидопинг агентлиги вакиллари Ўзбекистонга келди
9-10 март кунлари Тошкент шаҳрига Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Том Мэй ва ушбу ташкилотлар билан алоқа бўйича менежери Франциско Леон ташриф буюришди.
Кун. ўз сайтига кўра, миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раис ўринбосари Фарход Турдиев ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов кутиб олган.
Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) 2003 йилнинг февралида Антидопинг Кодекси ташкил этилгани ҳақида расман эълон қилган ва бу ҳақда барча Миллий олимпия қўмиталарига хабар йўллаганди. Кейинчалик, бутун дунёдаги Миллий олимпия қўмиталари бу ташаббусни қўллаб-қувватлашди ва мазкур муҳим ҳужжатни имзолашга тайёр эканликларини билдиришди.
2003 йилнинг 3-5 март кунлари Копенҳаген шаҳрида бўлиб ўтган спортда допингга қарши кураш мавзусидаги Конференцияда Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро спорт федерациялари ва қатор Миллий олимпия қўмиталари вакиллари иштирокида антидопинг Кодекси расман қабул қилинган бўлиб, у Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг допингга қарши курашиш масаласида айтиш керакки, биринчи йирик ҳужжатига айланди.
Мазкур Кодекс антидопинг сиёсатининг асосий йўналишларини қамраб олган ҳолда спортда допингга қарши курашиш бўйича асосий ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда 626та халқаро ташкилотлар ва 205та Миллий олимпия қўмиталари ушбу Кодексни имзолаб, уни расман тан олишган. Бутунжаҳон антидопинг Кодекси дунёдаги барча антидопинг дастурларини бошқарувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Кодекс доирасида ҳар бир мамлакат махсус тадқиқотлар ва тестлар ўтказиш, натижаларни таҳлил этиш каби фаолиятни олиб бориши шарт.
Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Марказий Осиё Минтақавий антидопинг ташкилоти кўмагида мазкур дастурларни амалга ошириш ва хаётга тадбиқ этиш учун масъул ҳисобланади. Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари вакилларининг Тошкентга ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш бўлиб, Ўзбекистонда Миллий антидопинг ташкилотини тузиш имкониятларини муҳокама қилиш эди.