Ўзбекистон нефть импорти учун Қозоғистондаги қувурдан фойдаланади
Ўзбекистон ва Қозоғистон нефть импорти учун “Омск-Павлодар-Чимкент” нефть қувуридан фойдаланиш ҳақида келишиб олишди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раиси Алишер Султонов маълум қилди, деб хабар бермоқда Uzdaily.uz.
Кун.ўз сайтига кўра, унинг таъкидлашича, “Ўзбекнефтегаз” МХК “Казмунайгаз”, “Казтрансгаз” ва “Казтрансойл” компаниялари билан музокара олиб борган.
“Келишувда эришилган энг муҳим шартнома – бу “Омск-Павлодар-Чимкент” нефть қувуридан бизнинг нефтни қайта ишловчи заводларни хомашё билан таъминлашда ишлатилишига оид”, - дея таъкидлаб ўтган у.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон нефть етказиб бериш бўйича келишувга эришган. “Биз бунинг учун қозоқ биродарларимиздан миннатдормиз”, - дея қўшимча қилиб ўтган у.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистон бир-бири билан рақобат қилмайди. Унинг қўшимча қилишича, икки давлат иқтисодиёти бир-бирини ўзаро тўлдириб туради.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида “Ўзбекнефтегаз” МХК ва Қозоғистон энергетика вазирлиги ўртасида нефть ва газ саноати соҳасида ҳамкорлик тўғрисидагида англашув Меморандуми имзоланди.
Ҳужжат мамлакатлар ўртасида нефть ва газ саноати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.