Ўзбекистон халқаро ТАПҲ лойиҳасида иштирок этади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувида Ўзбекистоннинг Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (TAPI) газ қувури қурилиши лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирди.
20 май куни икки давлат раҳбарлари мазкур масалани Туркманистоннинг «Аваза» дам олиш масканида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда муҳокама қилишди, деб хабар қилмоқда Туркманистон давлат ахборот агентлигига таяниб кун.ўз сайти.
Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, ўзбек томонининг ТАПҲда иштирок этиши учун барча имкониятлар бор. «Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг йирик қўшма лойиҳаларда иштирок этишидан хурсанд бўламиз», – деган Туркманистон етакчиси.
У, шунингдек, улкан углеводород захираларига эга Туркманистон ва Ўзбекистон энергия йўналишларини диверсификация қилишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. ТАПҲ газ қувури йилига 33 млрд куб метр газни ўтказа олади. Умумий узунлиги 1814 кмни ташкил этувчи газ қувури Туркманистоннинг жанубидаги Галкиниш газ конидан Ҳиндистоннинг Фозилка шаҳригача боради.
Айни вақтда, Туркманистон ўз маблағлари ҳисобидан мазкур лойиҳанинг 214 кмлик ўз ҳудудидан Афғонистонгача қисмини барпо қилмоқда.