Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорлиги янада кенгаяди
-
Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорлиги янада кенгаяди
Ўзбекистон корхоналари Латвияга турли маҳсулотларни етказиб беришга тайёрлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, семинар қатнашчилари транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилишди
Латвияда «Ўзбекистон-Латвия савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлиги. Тадбиркорлик фаолияти учун янги имкониятлар» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги парламент делегациясининг Латвия Республикасига 2017 йилнинг 15-18 май кунлари амалга оширилган ташрифи доирасида ўтказилди.
Семинар ишида Ўзбекистон ва Латвия давлат тузилмалари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, Латвия Ўзбекистоннинг ишончли ва вақт билан синалган сиёсий ҳамда иқтисодий шериги саналади.
У семинар давомида Ўзбекистон макроиқтисодий кўрсаткичлари, мамлакатдаги ислоҳотлар, шунингдек, хорижий сармоядорлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Ҳозирда Ўзбекистонда Латвиядан бўлган инвесторлар иштирокида 47 та корхона ишламоқда, 15 та Латвия компания ваколатхонаси аккредитация қилинган.
Тадбир якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Латвиянинг сармоялар ҳамда тараққиёт Агентлиги ўртасида ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди.
Ўзбекистон кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Фонди ҳамда Латвия стивидорлар Ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди.
«Ўзагроэкспорт» АЖ ва A Fruits (Латвия) компанияси Рига шаҳрида Савдо уйини ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолашди.
«Ўзбекозиқовқатзахира» Ассоциацияси ва BIOR Илмий-тадқиқот лабораторияси вакиллари ўртасида лаборатория тадқиқотлари соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон делегацияси ва Латвия компаниялари вакиллари ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.