август 06, 2017 11:36 Asia/Tashkent
  • Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили ва маданияти хонаси очилди
    Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили ва маданияти хонаси очилди

Университет талабалари эътиборига ўзбек тилидаги китоблар, рисолалар ва адабиётлар, суратли журналлар ва Ўзбекистон ҳақидаги бошқа ахборот материаллари ҳавола қилинган

Ҳиндистоннинг йирик олийгоҳларидан бири — Жамия Миллия Исломия университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси очилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда. 

«Жаҳон» агентлиги ахборотига кўра, хона халқ амалий санъатининг ёрқин намуналари, Ўзбекистоннинг кўп асрлик бой маънавий-маданий тарихи ва замонавий қиёфаси ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар билан безатилган.

Университет талабалари эътиборига ўзбек тилидаги китоблар, рисолалар ва адабиётлар, суратли журналлар ва Ўзбекистон ҳақидаги бошқа ахборот материаллари ҳавола қилинган.

Университетнинг Халқаро тадқиқотлар академияси раҳбари профессор Рашми Дораисвамининг қайд этишича, сўнгги вақтларда университет талабалари орасида ўзбек тили ва Ўзбекистоннинг серқирра маданиятини ўрганишга қизиқиш сезиларли кучайган.

Ўзбек тилидан дарс берувчи профессор Шоҳид Таслимнинг қайд этишича, мазкур олийгоҳ Ҳиндистонда ўзбек тилини ўргатувчи ягона таълим муассасадир. Жорий йилда ўзбек тили курсларига 30 га яқин талаба ёзилган.

Ёрлиқ