Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди
Ўзбекистон Қирғизистон билан бундан кейин ҳам дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боришга тайёр
Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда Қирғизистон раҳбари ахборот хизмати.
Маълумотларга кўра, томонлар икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигига алоқадор долзарб масалаларни муҳокама этишди.
Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини таъкидлаб ўтди ва Абдулла Ариповнинг ташрифи “икки томонлама муносабатларни дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналари, ўзаро манфаатли шериклик асосида янада ривожлантиришга янги туртки беришига” ишонч билдирди.
Абдулла Арипов Қирғизистон раҳбарига Шавкат Мирзиёевдан салом етказди ва мамлакат раҳбарияти бундан сўнг ҳам давлатлар ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боришга тайёр эканини хабар қилди.