Ўзбек-қирғиз чегараси бўйича баённомалар имзолган
(last modified Thu, 17 Aug 2017 14:05:58 GMT )
август 17, 2017 19:05 Asia/Tashkent
  • Ўзбек-қирғиз чегараси
    Ўзбек-қирғиз чегараси

Икки мамлакат тегишли идораларига ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестицион ҳамкорликни кучайтириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш топширилган

TOШКЕНТ, 17 август — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўзбек-қирғиз давлат чегараси бўйича давлатлараро оралиқ шартномасини тайёрлаш масаласида томонлар сезиларли силжишга эришганини билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

"Бугун Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув доирасидаги очиқ ишончли мулоқот давомида икки томоннинг кун тартибида турган кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашилди ва долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони қирғиз-ўзбек муносабатларига хос равишда очиқ, дўстона ва сермаҳсул муҳитда бўлиб ўтган самарали музокаралар натижаларидан қониқиш ҳосил қилди", — деди Абдулла Арипов.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатлар, хусусан Қирғизистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият бераётганлигини таъкидлади.

Абдулла Арипов бўлиб ўтган музокараларда ўзбек-қирғиз муносабатларининг муҳим масалалари, турли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинганини маълум қилди.

"Ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича ўтказилган самарали музокаралар алоҳида қониқиш ҳиссини уйғотади. Музокаралар натижаларига кўра баённомалар имзоланди", деди у.