Пекинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ваколатхонаси иш бошлади
Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасида ўзбекистонлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев Хитойда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Қаҳрамон Қуранбаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчиси Бахтиёр Саидов ҳамда кўп сонли ўзбекистонлик ёшлар иштирок этишди.
Қаҳрамон Қуранбаев ўз нутқида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Очиқ мулоқот давомида Хитойдаги 2700 нафардан ортиқ ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қолаверса, ўзбекистонлик ёшларни мамлакатдаги ёшлар сиёсатига оид янгиликлардан бохабар қилиш мақсадида “Ахборот етказиш маркази” ташкил этилиши маълум қилинган.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Шундан сўнг Акмал Иброҳимов бир овоздан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Пекиндаги Бошланғич ташкилоти етакчилигига сайланди. Бошланғич ташкилот етакчисининг АКТ ва ахборотни жамоатчиликка етказиш бўйича ўринбосари сифатида эса Озода Аминова фаолият юритадиган бўлди.