Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг гипермаркетлар тармоғи ўз иш фаолиятини бошлаши мумкин
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Келгуси йилларда Ҳиндистоннинг йирик гипермаркетлар тармоғи Ўзбекистонда ўз иш фаолиятини бошлаши мумкин. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.
Шу кунларда Ҳиндистоннинг Future Group раҳбар ўринбосари Эшли Ражан иштирокидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ушбу йирик корпорация таркибига дунёда машҳур бўлган 14 тадан ортиқ гипермаркетлар, Big Bazaar, Food Bazaar, EasyDay, Central, FoodHall тармоқлари киради. Компания Ҳиндистоннинг 240 та йирик шаҳарларида 2,5 минг дона гипермаркетлар, 30 минг дона майда савдо нуқталарини назорат қилади.
Ташриф давомида делегация аъзолари Ташқи савдо вазирлигида иккитомонлама музокаралар ўтказдилар. Унда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг дуккакли маҳсулотларини ва қайта ишланган мева-сабзавотларни экспорт қилишни кенгайтириш масалалари юзасидан келишувлар ўтказилди.