Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин алоқалар ва ҳамкорликлар
(last modified Tue, 19 Sep 2017 06:25:46 GMT )
сентябр 19, 2017 11:25 Asia/Tashkent

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 16-17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин алоқалар ва ҳамкорликлар”га доир мавзуга бағишланади.     

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 16-17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Шунингдек, Президентлар Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилдилар. Шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқача интервью берилди. Нурсултон Назарбоев ташрифларини муқаддас қадамжолар зиёратидан бошлаганида катта маъно бор, деди Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон юртида қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Тўлабий дафн этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишди. «Ўзбекистон – Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи» деб номланган ушбу кўргазмадан асосий мақсад икки мамлакат компаниялари ўртасида барқарор алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги қўшма савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

     Унда Қозоғистоннинг автомобилсозлик, нефть-газ, ҳарбий техника, авиация, фармацевтика, текстиль, ахборот технологиялари, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган элликдан зиёд компаниялар маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион технологиялари намойиш этилмоқда. Икки мамлакат президентлари экспозиция билан танишар экан, икки юрт ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этишди. Икки мамлакатнинг иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг кенгайиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашишига ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар. Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якунлари бўйича турли соҳаларга доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди. 

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Қўшма баёнотни имзоладилар. Давлат чегараларида ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция ва модернизация қилиш, сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик, энергетика соҳасида ҳамкорлик, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик, темир йўл соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев тор доирада учрашув ўтказди. Ўзбекистон президенти Қозоғистон Президентини Ўзбекистон диёрида самимий қутлаб, Нурсултон Назарбоевнинг мазкур давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини янада ривожлантиришда тарихий воқеа эканини таъкидлади. Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорчилик билдириб, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон Президентининг март ойидаги Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берди деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йил Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома шунингдек 2013 йил Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома руҳида тараққий этмоқда. Икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олган. Парламентлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар мунтазамлик касб этган. Икки мамлакат БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир. 

      Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. Жорий йилнинг январь-август ойларида савдо айланмаси 35 фоизга ўсган. Президентлар бу кўрсаткич икки ўлканинг улкан салоҳиятига мос эмаслиги, бунинг учун қўшма савдо уйларини ривожлантириш, ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияга товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.     Шунингдек, учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Хусусан, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олинди. Шу билан бирга, икки мамлакат ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқаларига асос бўладиган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан Қизилўрда вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар ҳамда бошқа ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 сентябрдаги фармонига мувофиқ, икки юрт ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Ўзбекистон президенти ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширди. Нурсултон Назарбоев ушбу мукофот ва ҳурмат-эътибор учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди. 

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

 

Ёрлиқ