Андижон ҳокими: Талаба, ўқитувчи ва шифокорларнинг далага чиқарилиши жиноят!
Вилоят ҳокимининг бундай огоҳлантируви Ўзбекистонда талабаларнинг пахтадан қайтарилиши ортидан янгарди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябр куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай хол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақда огоҳлантирди.
Бир кун аввал Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахта далаларидаги талабалар, ўқитувчи ва шифокорларни қайтаришга буйруқ берган эди.
“Бугундан бошлаб Андижон вилояти бўйича, чунки мен Андижон бўйича жавоб бераман, 18 ёшга тўлмаган фуқаро, бюджет ташкилоти ходимлари, асосан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ходимлари, тиббиёт ходимлари, врачлар, ҳамширалар, коллеж ходимлари, ўқитувчилари, ўқувчилари, шуларни бирортаси далага чиқиши бу жиноят. Ва олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари ҳам бунга киради. Қайси туманда, қайси секторда мана шу тоифа одамлар пахта териб юргани аниқланса раҳбарига нисбатан нафақат лавозимидан кетиш балки жиноий жавобгарликка тартилиши ҳақида огоҳлантираман”, - деди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.
Андижон вилоят ҳокими ўз чиқишида даладан қайтарилган талабалар ўрнига энди уйда ишсиз ўтирганлар пахтага жалб этишда маҳаллий имомлар, отин ойилар ва мактаб ҳамда коллеж раҳбарларидан ёрдам сўради.