Human Rights Watch Ўзбекистонда ҳозирча офис оча олмайди
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Human Rights Watch Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳозирча Ўзбекистонда ўз фаолиятини тиклай олмайди, деб хабар қилди инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов.
Саидовнинг сўзларига кўра, бу етти йил олдин Ўзбекистон Олий судига HRWнинг Тошкентдаги ваколатхонасига барҳам бериш ҳақида Адлия вазирлиги томонидан берилган арзномага боғлиқ.
"Ваколатхонанинг очилиши масаласига келсак, Ўзбекистон Олий судининг 2011 йилда чиқарилган қарори бор, уни ҳеч ким бекор қилмаган. Табиийки, бу энг олий инстанция, биз бу масалани Адлия вазирлигида ҳуқуқий томонлама ҳал этишимиз керак", — деб таъкидлаган марказ раҳбари.
Саидовнинг сўзларига кўра, бу ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот аъзолари мамлакатга эркин ташриф буюра олмайди, дегани эмас.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон HRW делегациясини қабул қилишга тайёрлигини айтган ва шундан сўнг ташкилот мамлакат пойтахтига ташриф буюрган эди.