Ўзбекистон ва Россия агросаноат мажмуи соҳасида ҳамкорликни фаоллаштирмоқда
Ўзбекистон ва Россия делегациялари дон маҳсулотлари, дуккакли экинлар ҳамда ёғли ўсимликлар селекциясини биргаликда амалга ошириш, ўсимликларни узоқ муддатли комплекс ривожлантириш борасида ҳамкорликни кенгайтириш ғоясини қўллаб-қувватлашди.
Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев 23-25 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга ташриф буюрди.
25 сентябрь куни Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев ҳамда ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия делегациялари агросаноат мажмуида (АСМ) икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
2017 йилнинг 7 ойи мобайнида мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти 27 фоизга ошиб, 75 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Ўзбекистонга 131 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди.
Ҳозир Ўзбекистон ва Россия қўшма лойиҳалар устида ишлашмоқда. Хусусан, мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини икки томонлама етказиб бериш учун «яшил йўлак» ва фитосанитария назоратини такомиллаштириш бўйича тадбирларни ташкил этишмоқда.
Учрашув давомида Александр Ткачев Ўзбекистон Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли экспорт шериги эканини таъкидлади. У Россиядан Ўзбекистонга шакар етказиб беришни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.
Ўзбек томони Россия шакарини сотиб олишга қизиқиш билдирди.
Россия томони Ўзбекистон бозорига ёғ-мой маҳсулотларини, хусусан, кунгабоқар ва соя ёғи, уруғлик картошкалари, дон, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, гўшт (мол гўшти) ва қандолат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Россия томони Ўзбекистонда уруғлик картошкаларини етиштириш учун Россия-Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхонасини ташкил этишни таклиф қилди.