Абдулла Арипов: Ўзбекистон «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги орқали юк ташишдан манфаатдор»
«Шимол-Жануб» транспорт йўлаги Шимолий Европани Жанубий-шарқий Осиё билан боғлашни, жумладан Озарбойжон, Эрон ва Россиянинг темир йўлларини бирлаштиришни мақсад қилган. Биринчи босқичда бу йўлакдан йилига 5 миллион тонна, келгусида 10 миллион тоннадан зиёд юк ташиш режалаштирилмоқда.
«Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлининг фойдаланишга топширилгани қадимий Буюк ипак йўлини қайта тиклаш йўлидаги беқиёс қадамлардан бири бўлди». Trend.az’га кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов БТҚ темир йўлининг расмий очилиш маросимида айтиб ўтган.
Боку-Тбилиси-Қарс темир йўли «Шимол-Жануб» лойиҳасининг муҳим элементларидан бири эканлигини қайд этиб, Абдулла Арипов Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали юк ташишдан манфаатдор эканлигини қўшимча қилган.
«Бу йўналиш, — деган бош вазир Арипов, — мамлакатнинг иқтисодий ва тразнит салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради ва бутун минтақанинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади».
«Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни, Гуржистон бош вазири Георгий Квирикашвили ва барча меҳмонларни бугунги тарихий воқеа билан табриклашга, шунингдек, Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия биродар халқларига фаровонлик ва келгусидаги ишларига ривож тилаш учун ижозат бергайсизлар», — деди Ўзбекистон бош вазири.
«Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагини барпо этиш ғояси 1993 йилда илгари сурилган. 2000 йилда транзит йўналишини ўтказувчи Россия, Ҳиндистон ва Эрон ўртасида тегишли битим тузилган. Режалаштирилишича, ушбу йўлакдан фойдаланилганда нафақат юкни етказишга кетадиган вақт, шунингдек етказиш қиймати ҳам қисқаради.