Туркиялик мутахассис Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда ёрдам беради
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида рус тилида берилган хабарда айтилишича, Содиқ Бадак Туркиянинг туризм соҳасидаги 30 йиллик тажрибаси билан ўртоқлашади.
Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи давомида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун расмий Анқара томонидан Содиқ Бадак номзоди таклиф қилингани маълум бўлди. Содиқ Бадак Президент Эрдўғон раҳбари бўлган Адолат ва тараққиёт партияси аъзоси ва собиқ депутат ҳисобланади.
У Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига маслаҳатчи сифатида иш бошлайди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида рус тилида берилган хабарда айтилишича, Содиқ Бадак Туркиянинг туризм соҳасидаги 30 йиллик тажрибаси билан ўртоқлашади.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришнинг стратегик режасини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади.
Бадак туризм соҳасида Ўзбекистон қонунчилигини янада такомиллаштириш, махсус дарсликлар ишлаб чиқариш ҳамда туризм соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш, алоҳида ўқув курсларини яратишда кўмаклашади.
Ички ва ташқи сайёҳлар учун янги сайёҳлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўз ҳиссасини қўшади.
Туркиялик мутахассиснинг туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси маслаҳатчиси сифатида ишга ноябр ойидан киришиши маълум қилинган.
62 ёшли Содиқ Бадак Туркиядан бир неча ижтимоий лойиҳаларда фаоллиги билан танилган.
Ўзбекистонда хорижлик мутахассислардан фойдаланиш амалиёти олдин ҳам бўлган.
2013 йили Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига Корея фуқароси тайинланганди.
Жанубий Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг собиқ ўринбосари Ким Нам Сок Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш лойиҳасига бошчилик қилиши айтилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев матбуот орқали чиқишларида Ўзбекистонда малакали кадрлар борасида муаммога дуч келинаётганини бир неча маробата такрорлаган.