Мирзиёев Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
, Кун.ўз сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти ўзининг Қирғизистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Данакер” ордени билан тақдирлангани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, самарали ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган улкан муваффақиятлар эътирофи экани таъкидланди.
Суҳбатда якунига етаётган йил икки томонлама муносабатларда тўпланиб қолган кўплаб, жумладан, анча мураккаб масалаларни ҳал қилишда катта натижаларга эришиш имконини берган ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Суҳбатда томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Давлат раҳбарлари дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлган жорий йил аниқ амалий мазмунга бой бўлгани ҳамда икки томонлама муносабатларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, янги, сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш имконини берганини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлиги жадал кенгайиб бормоқда, барча даражада, жумладан, чегараолди ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқот фаоллашмоқда. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ортди, қўшма савдо уйлари ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.