Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатига барҳам берилганини таъкидладиди
Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилди ва мажбурий меҳнатнинг исталган шаклига якун ясаш мўлжалланмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) экспертлари шундай хулосага келишди, деб хабар бермоқда БМТ янгиликлар Маркази.
Кун.ўз сайтига кўра, ХМТ маълумотларига кўра, жамиятда меҳнатга мажбурлашни, айниқса гап болалар ҳақида кетаётган бўлса, қабул қилмаслик бўйича тушунча ўсиб бормоқда. ХМТдан таъкидлашларича, жорий йилда ҳосилни териб олиш шаффофлик ва мулоқот, жумладан фуқаролик жамияти билан ҳам, шароитида ўтказилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари бутун мамлакат бўйлаб юриб, 3 минг нафар теримчи, маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари, педагоглар ва тиббиёт ходимлари билан яккама-якка суҳбатлашишди. Бундан ташқари, улар яна минг нафар инсонга қўнғироқ ҳам қилишган.
Аниқланишича, ҳукумат болаларни пахта теримига тизимли равишда мажбурлаш амалиётини йўқотган ва бу ишга одамларни фақат кўнгилли асосда жалб этиш ҳақида кўрсатма берган. Улар мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта теримига мажбурлашни тақиқлашди. Ҳосилни кўнгилли равишда териб олмоқчи бўлганлар эса, жорий йилда оширилган маошни олишди – ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига мувофиқ.
Йиғим-терим мавсуми бошланишидан аввал Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари 6300 иш берувчи учун махсус ўқитиш тадбирларини ўтказишди. Тадқиқот давомида аниқланишича, одамлар, умуман олганда, мажбурий меҳнат нақадар қабул қилиб бўлинмайдиган нарса эканини тушунишмоқда, бироқ бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттириш керак, дея ҳисоблашган ХМТдагилар. Масалан, баъзи туманларда иш берувчилар бепул ишчиларни йўқотганликлари учун товон пули талаб қилишмоқда, бу, ХМТ вакилларининг фикрича, номаъқулдир.