Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди
Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари уюшмасининг президенти раҳбарлигида Туркия Республикаси ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида мамлакат Савдо-саноат палатаси томонидан 25 декабрь куни ўзбек ва турк компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ташкил этилди.
Кун.ўз сайтига кўра, ушбу тадбир ишбилармон ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек қўшма корхоналарни ташкил этиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча туртки вазифасини ўтади.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ўзбек ва турк компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.
Бизнес-форум ўзбек ва турк томонларининг маърузаларини тинглаш шаклида ўтказилди. Ишбилармон учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Форум давомида қайд этилганидек, мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари борасида ўзаро фикр алмашуви учун қулай имконият ҳисобланади. Шу билан бирга, суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, икки давлатнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилиб, янги босқичдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.