Бугун МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ўтказилади, Мирзиёев ҳам қатнашади
Москвада бугун, 26 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати
«2017 йилнинг 26 декабрь куни Москвада МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. МДҲда 2017 йилдаги Россия раислигининг якунлари сарҳисоб қилиниши ва турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашиш режалаштирилган», - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, учрашувда Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев, Арманистон етакчиси Серж Саргсян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон етакчиси Сооронбай Жээнбеков, Молдова раҳбари Игорь Додон, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.
Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов учрашувда қатнашмайди. Аввалроқ Кремль матбуот хизмати Путин Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотда икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари, шунингдек МДҲ доирасидаги ўзаро алоқаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар берганди.