Абдулла Арипов Тожикистонга амалий ташриф билан боради
Абдулла Арипов Тожикистон пойтахти Душанбега 10-11 январь кунлари амалий ташриф билан келади.
Бу ҳақда «АП» Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда Кун.уз сайти хабар бермоқда.
Ўзбекистон бош вазирининг Душанбега ташрифи чоғида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва республика бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашув ўтказилиши кутилмоқда.
Абдулла Ариповнинг Тожикистон расмийлари билан учрашувлари ва музокаралари чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега баҳор ойлари бошида кутилаётган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ариповнинг Душанбега ташрифи чоғида томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмларнинг демаркацияси ва делимитациясини тезлаштириш бўйича масалаларни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан учрашувда ушбу ташриф ҳақида ҳам айтиб ўтганди.