Эълон қилинган хайриянинг биринчи кунида 60 млн сўм йиғилди
(last modified Mon, 22 Jan 2018 08:42:09 GMT )
Январ 22, 2018 13:42 Asia/Tashkent
  • Ақтўбе фожеаси қурбонлари оилаларига ёрдам бериш
    Ақтўбе фожеаси қурбонлари оилаларига ёрдам бериш

ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. Таниқли блогер Хушнудбек ва ошпаз Баҳриддин Чустийлар Ақтўбе фожеаси қурбонлари оилаларига ёрдам бериш мақсадида хайрия акцияси эълон қилишган эди.

Бугун ушбу тадбирнинг биринчи натижалари маълум бўлди. Акциянинг биринчи кунида 60 млн сўмдан ортиқ маблағ жамланган.

“1 кун ичида акцияга 60 млн. сўмдан зиёдроқ пул йиғилди. Бунда Ўзбекистондан сўм пластикка ўтказилган, пул ўтказиш хизматлари орқали хориждан юборилган нақд пуллар (ҳали қўлга олинмаган бўлса ҳам) ҳамда PayPal тизими орқали ўтказилган электрон пуллар ҳисобга олинди. Ҳали биз 60 млн. ичига валюта картасига ўтказилган пулларни қўшмадик”, — деб ёзган Хушнудбек ўзининг саҳифасида.

Хабарида айтилишига кўра, Баҳриддин Чустий Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида  бўлиб ҳокимият вакиллари билан учрашган ва ўз яқинларини йўқотган бир неча хонадонларга ташриф буюришган.

“Тўрақўрғон туманида 20 та хонадондан 21 киши вафот этибди, “Катта қурама” маҳалласининг ўзидан 10 киши… <…>  Дастлабки таассуротлар шунақаки, марҳумларнинг оиласидаги аҳвол ҳақиқатдан яхши эмас. Анчайин ночор туришар экан. Расмлар илова қилинади”, — дейилган хабарда.

Ўзбекистон халқининг саховатига умид қилган ҳолда, Хушнудбек ва Чустий 500 млн. сўмдан ортиқ  маблағ жамлашни мақсад қилишган.

 

Ёрлиқ