Самарқандда хавфсиз туризм инспекторлари иш бошлади
Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланганди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур концепцияда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилиши, уларнинг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ИИБ бошлиғининг ўринбосари ҳисобланиши, шахсий таркиб эса танлов асосида, биринчи навбатда, чет тилларни биладиган ходимлар сафидан шакллантирилиши назарда тутилганди.
Самарқанд вилояти ИИБ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи маълумотига кўра, Самарқандда ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма учун алоҳида бино ажратилиб, бугунга қадар 50 га яқин ходим ишга қабул қилинди. Инспекторлар транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланмоқда.
Ходимлар сафига Самарқанд давлат чет тиллар институтини битираётган, инглиз, француз, япон, корейс ва бошқа хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳамда тарих, қадимий обидалар ва миллий қадриятлар ҳақида чуқур билимга эга бўлган талабалар ҳам суҳбат асосида қабул қилинмоқда.
Хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати ходимлари тиббиёт қутиси, Самарқанднинг тарихий обида ва маданий объектлари схемаси бўлган кичик харита билан таъминланган. Улар асосан туристлар гавжум бўладиган жойлар, тарихий обидаларда иш олиб боради.
«Фолиятимиз сайёҳлик масканларида хавфсиз туризмни ташкил этишдан иборат. Бу фақат сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш эмас, балки уларга зарур ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Мисол учун, сайёҳнинг тоби қочса, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохона ёки меҳмонхонага етказиш, адашиб қолган сайёҳларни улар излаётган манзилга кузатиб қўйиш ҳам хизмат вазифамизга киради», — дейди инспектор Фотима Раҳматова.