Ўзбекистонда навбатдаги йирик лавозим тайинловлари амалга оширилди
(last modified Wed, 14 Feb 2018 08:00:28 GMT )
феврал 14, 2018 13:00 Asia/Tashkent
  • Муиджон Тоҳирий ишдан олинган
    Муиджон Тоҳирий ишдан олинган

Дастлаб Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Муиджон Тоҳирий ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумот кейинчалик «KUN.UZ» манбаси томонидан тасдиқланди. Божхона қўмитасига Бош прокурор ўринбосари, генерал-майор Муротжон Азимов янги раис этиб тайинланди. Муиджон Тоҳирийнинг истеъфосига нима сабаб бўлгани ва унинг кейинги иш жойи ҳозирча номаълум.

Шундан сўнг қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев лавозимидан кетгани маълум бўлди. Шу билан бирга, Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимини сақлаб қолди.

Вазирлик эса иккига ажратилган: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Баҳодир Юсупов раҳбар этиб тайинланган. Сув хўжалиги вазирлигига эса собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида вазирнинг сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган Шавкат Ҳамроев вазир этиб тайинланди

Бундан ташқари, 13 февраль куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов лавозимини тарк этди. «KUN.UZ» манбаси маълумот беришича, генерал-майор Баҳодир Қурбонов Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланган. Президент Фармони билан Баҳодир Қурбоновга генерал-майор ҳарбий унвони берилди

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Рустам Жўраев 1968 йилда туғилган бўлиб, 2015-2017 йилларда – Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи сифатида ишлаган. Тасдиқланмаган маъумотларга кўра, полковник Ҳамдам Қаршиев Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг янги раҳбари бўлган

Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов лавозимдан кетди. Энди унинг ўрнида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг собиқ ректори, ЎФФнинг собиқ вице-президенти Шоакрам Исроилов раҳбар бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ўрнида Спорт ишлари вазирлиги ташкил этилиши маълум бўлди. Kun.uz манбаси маълумотига кўра, президентнинг тегишли фармони имзоланган. Ушбу фармон яқин кунлар ичида эълон этилиши кутилмоқда