Ўзбекистон-Тожикистон: Каримов музи эрий бошлади
(last modified Thu, 01 Mar 2018 15:09:15 GMT )
март 01, 2018 20:09 Asia/Tashkent
  • «Саразм-Жартепа» чегара-назорат ўтказиш нуқтасининг очилиши катта тантанага айланиб кетган.
    «Саразм-Жартепа» чегара-назорат ўтказиш нуқтасининг очилиши катта тантанага айланиб кетган.

1 март куни Ўзбек-Тожик чегарасида яна ўнта назорат-ўтказиш нуқтаси очилди. Улардан саккизтаси йўловчилар ва автомобиллар ўтиши учун, биттаси темир йўл назорат-ўтказиш нуқтаси. Шунингдек, битта чегара пости очилди

 Бу тантанада Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси вазифасини ижро этувчи Ражаббой Аҳмадзода ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев қатнашишган.

Ражаббой Аҳмадзода «Саразм-Жартепа» ва Суғд вилоятини қўшни Ўзбекистон билан боғлайдиган яна еттита чегара-назорат ўтказиш нуқтасининг очилишини икки мамлакат раҳбарларининг ўта муҳим ташаббуси деб баҳолаган. Аҳмадзоданинг фикрича, кўклам кириб келиши билан амалга оширилган қулайликлар икки қўшни халк борди-келдисини яхшилайди, дўстлигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, икки мамлакат орасидаги иқтисодий, тижорат, маданий алоқаларнинг ривожланишига йўл очади.

 Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев «Саразм-Жартепа» чегара-назорат ўтказиш нуқтасининг очилиши икки қўшни вилоят аҳолисининг борди-келдиси учун қулай имконият очиб берганлигини, қўшнилар орасидаги ҳамкорлик кучайиши ва мустаҳкамлашини таъкидлади.

Бугун Тожикистоннинг Суғд вилояти ва Ўзбекистоннинг Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятларини боғловчи чегара-назорат ўтказиш нуқталари ҳам қайта очилди. «Ҳаштияк-Бекобод» чегара-назорат ўтказиш нуқтаси очилишида Суғд вилояти Раиси биринчи муовини Рустам Раҳматзода ва Тошкент вилояти раиси биринчи ўринбосари Алимардон Қаршиев қатнашишди. Тантанага айланган бу очилиш маросимида икки мамлакат байроқларини кўтарган кишиларни кўриш мумкин эди. «Навбунёд-Поп» чегара-ўтказиш нуқтаси очилишида Суғд вилояти раиси муовини Анвар Яъқубий ва Наманган вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев қатнашишди.

Бешариқда қувонч тўйи

Олдинроқ Суғд вилоятининг Конибодом шаҳри ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Бешариқ туманини боғловчи «Патар-Андархон» чегара-назорат ўтказиш нуқтаси қайта очилганди. Чегарадан биринчилар қаторида ўтган конибодомлик неваралари, қариндошлари шарафига бешариқлик отахон катта тўй қилиб берганди.

Бу чегарадан ўтиш нуқталарининг ҳаммаси Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқарган пайтда бирин-кетин ёпиб қўйилганди. Ўзбекистон томонидан икки қўшни мамлакат ўртасида виза тартиби жорий қилиниб, чегаралар миналаштирилганди.

Қайтадан очилган Қўшкент чегара нуқтаси Тожикистоннинг Зафаробод ва Истаравшан туманлари аҳолиси учун ўзаро борди-келдига қулайлик яратди.

- Бу икки ноҳия ҳудудлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Янгиобод туманига қарашли бир неча километр йўл ўтади. Илгари зафарободликлар ва истаравшанликлар шу йўлдан фойдаланишарди. Лекин бу йўл Ўзбекистон томонидан ёпиб қўйилди. Биз қон-қариндошларни кўриб келиш учун айлана йўл билан боришга мажбур бўлдик. Олдинлари ярим соатга қолмасдан Зафарободга етиб борардик. Қўшкан йўли ёпилгач, бориш-келиш учун камида ярим кун сарфлай бошладик - дейди Истаравшан шаҳрида яшайдиган Нарзулло Солиев.

Нарзуллонинг айтишича Зафарободга Уяс қишлоғи орқали ўтадиган янги йўл қурилган. Бу йўл бориш-келиш вақтини нисбатан камайтирган, лекин бутунлай эмас.

«Зафаробод-Ховостобод» чегара-назорат нуқтаси Шимолий Тожикистонни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти билан, «Ҳавотоғ- Учтурғон» Жиззах, «Хаштияк-Бекобод» Тошкент, «Навбунёд- Поп» Наманган ва «Равот» Фарғона вилоятлари билан боғлайди.

Шу ўринда Суғд вилояти Ўзбекистоннинг еттита вилояти билан чегарадош эканлигини эслатмоқчимиз.

Шунингдек, Тожикистон жанубида «Гулбаҳор» чегара-назорат ўтказиш нуқтаси очилган. У Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Шаҳритуз туманини Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан боғлайди.

«Амузанг» темир йул ўтказиш нуқтасининг очилиши Хатлон вилоятидан Сурхондарё орқали юк ташиш имконини берди.

 Каримов даврида Ўзбекистон фақат виза тартиби жорий қилиш билан чегараланмай, ўндан ортиқ чегара-назорат ўтказиш нуқтасини ёпиб қўйганлиги натижасида фақат тожикистонликлар эмас, балки ўзбекистонликлар ҳам қийинчиликка учрашди. Чегаранинг икки томонида яшаётган қаариндошлар дийдорларидан бенасиб бўлишди. Тўй-томошалар нари турсин, яқинлари дунёдан ўтганларида ҳам вақтида виза ололмай, сарсон бўлиб, марҳумни сўнгги йўлга кузатиш учун бора олмадилар, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Кузатувчининг айтишича амалда икки мамлакат ўртасида бор-йўғи иккита - «Фотеҳобод-Ойбек» ва «Турсунзода-Сариосиё» чегара-назорат ўтказиш нуқтаси амал қилган. Бундан ўн беш йил муқаддам эса, уларнинг сони 16 та бўлган.

Тожикистонликлар бугунги янгиликлардан қувонишар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Тожикистонга расмий сафарини катта иштиёқ ва умид билан кутишмоқда. Бу сафар давомида икки қўшни мамлакат орасидаги чегара, иқтисодий, савдо, маданий ҳамкорликларга оид бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Лекин чегаранинг ҳар икки томонидаги кишилар икки мамлакат орасида виза тартибининг бекор қилинишини сабрсизлик билан кутишмоқда.

 - Душанбедан Тошкентга самолётлар парвози йўлга қўйилганини эшитиб, ўзимда йўқ хурсанд бўлгандим. Бўлар экан-ку, дегандим ўшанда танишларимга. Ҳозир эшитишимча, Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари орасида автобус қатнови йўлга қўйилар экан. Қанийди, Хўжанд ва Тошкент, Хўжанд ва Қўқон орасида ҳам автобуслар юрса. Илгари Хўжанддан автобусга ўтирсак, уч соатга қолар-қолмас, Тошкентда бўлардик, - дейди Хўжандга Тошкентдан келин бўлиб тушган Хатира исмли онахон.

-Ҳозир хўжандлик темирйўлчилар Ўзбекистон поездлари қатнови қайта йўлга қўйилишига ҳозиргарлик кўришмоқда. Тожикистонлик ўзбек ёшлари Тошкент олий ўқув юртларида таълим олиш имконияти пайдо бўлишига умид боғлашмоқда. Икки мамлакатда икки миллатнинг маданият кунларини яна ўтказишга келишилди. Каримовнинг музлари эрий бошлади. Бу музнинг бутунлай эриб битишига умид қиляпмиз. Ҳадемай, Каримов ўрнатган симтўрлар олиб ташланар, балки, - дейди кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Ёрлиқ