Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи
(last modified Sun, 11 Mar 2018 07:16:35 GMT )
март 11, 2018 12:16 Asia/Tashkent

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифига”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди. Душанбе шаҳридаги халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёевни қўшни давлат раҳбари Имомали Раҳмон, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа аъзолари кутиб олишди. Икки давлат раҳбарлари фахрий қоровул ортидан ўтишди. Шундан сўнг президентлар Тожикистон раҳбарининг қароргоҳи — «Қасри миллат» саройига йўл олишди. Қароргоҳда Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди.

      Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «бир плюс бир» шаклидаги учрашув бошланишидан аввал матбуот учун қисқача баёнот берди. «Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари яқин вақт ичида стратегик шериклик даражасига чиқади. Тошкент Душанбе билан муносабатларни барча йўналишларда изчил ривожлантириб боради», — дея айтиб ўтди Шавкат Мирзиёев. Ташриф чоғида президентларнинг яккама-якка учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Тожикистон расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги учрашувда ҳамкорликнинг бошқа муҳим масалалари ҳам кўриб чиқилди. Музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. 

     Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги муҳим масалаларни, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон президентининг дўстлик ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёноти матни эълон қилинди. Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда эришилган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражасини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этган ҳолда, икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик, аҳил қўшнилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийликдан келиб чиқиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беришига, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўлишига ишонч билдирган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, БМТ Низоми мақсад ва принципларига, шу жумладан, мустақилликни ўзаро ҳурмат қилиш, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг дахлсизлиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб, Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда, баёнот берадилар. Давлат раҳбарлари тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, бутун минтақа тараққиёти ва равнақини таъминлашда юксак масъулиятларини чуқур англаб, 2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартнома қоидаларига таянган ҳолда, анъанавий дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатларини имкон қадар янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга қатъий тайёр эканликларини тасдиқлайдилар. Икки давлат раҳбарлари ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзбек-тожик Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида Шартнома бунга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

      Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантиришнинг муҳимлигини ҳамда бу икки қардош халқларнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жавоб беришини таъкидладилар. Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни изчил кенгайтириш учун конструктив сиёсий мулоқотнинг муҳимлигини қайд этган ҳолда, олий, юқори ва бошқа даражаларда алоқаларни янада кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар. Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистоннинг 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг стратегик хусусиятини қайд этдилар. Томонлар ўзаро савдода кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда икки томонлама товар айланмаси номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 млн. долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.      Томонлар Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар.

      Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади. Президентлар терроризм ва экстремизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, ноқонуний миграция ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро хавфсизликка оид хуруж ва таҳдидларга қарши курашишда ҳам икки томонлама, ҳам халқаро форматларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ўз ҳудудларида Томонларнинг миллий хавфсизлик манфаатларига қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни амалга оширишга йўл қўймасликка тайёр эканликларини тасдиқладилар.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ