Ўзбекистон мудофаа вазири Тошкентдаги Бртания элчисини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алланни қабул қилди.
Кун.уз сайтига кўра, учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Кристофер Аллан томонидан охирги йилларда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани таъкидланди. Меҳмонлар Афғонистонда жойлашган Британия қуролли кучларига юкларни транзит билан олиб ўтилиши масалаларида яқиндан кўмак берилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида миннатдорчилигини изҳор этишди.
Буюк Британия вакиллари томонидан шу йилнинг январь ойида имзоланган Мудофаа вазирликлар ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мамлакатлар ўртасида халқаро ҳамкорликнинг асосини ташкил этиши таъкидланди. Режада ҳарбий ҳамкорликнинг турли масалаларида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Британиядаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олиши, Ўзбекистондаги ҳарбий таълим муассасаларида машғулот жараёнларига британиялик ҳарбий мутахассисларнинг жалб этилиши, ҳарбий тиббиёт йўналишида тажриба алмашиш, шунингдек ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ва тренингларни ўтказиш кўзда тутилган.
Учрашув давомида Кристофер Аллан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академияси ва бошқа Британиядаги нуфузли ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олишида Британия томони ҳамкорлик кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, К.Аллан ўтган йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасининг “Кембрия патрули” халқаро мусобақасидаги муваффақиятли иштирокини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди.