Ўзбекистон ТИВ раҳбари Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди
2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда Хитой делегациясига раҳбарлик қилган Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Баодунни қабул қилди.
Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистон ҳукуматини кўп йиллик Афғонистон муаммосига бағишланган Тошкент форумининг муваффақиятли натижалари билан табриклади. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берияпти.
Учрашувда таъкидланганидек, Афғонистондаги тинчлик улкан минтақанинг барча мамлакатларига сезиларли фойда келтириши, барча йўналишларда минтақавий ва трансминтақавий савдони ривожлантириши юзасидан Ўзбекистон ва Хитойнинг фикрлари бирдек эканлиги қайд этилди.
Учрашувда ҳозирги пайтда Хитой раислик қилаётган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбатда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Музокараларда Хитой элчиси Жианг Ян иштирок этган.