Ўзбекистон ИИВ ва ЕХҲТ делегацияси одам савдосига қарши курашмоқчи
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Тошкентда ЕХҲТ делегацияси Ўзбекистон ИИВ раҳбарияти билан учрашув ўтказди, унда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва координатори Мадина Джарбуссинова бошчилигидаги делегацияни Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси раиси, Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов қабул қилди.
"Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида, 2017 йилда одам савдоси билан боғлиқ мажбурий меҳнатдан фойдаланиш жинояти 39,5 фоизга, жинсий эксплуатация жинояти 81,6 фоизга камайганлиги таъкидланди", — дейилади хабарда.
ИИВнинг маълумотига кўра, одам савдоси жиноятини олдини олиш мақсадида, аҳоли ўртасида қатор профилактик тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.