Иноятовнинг ўғли ва куёвига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
-
Иллюстрация. Мақолада тилга олинган шахсларга бу суратнинг алоқаси йўқ
Собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг 43 яшар ўғли Шариф Иноятов ҳамда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг 40 яшар ўғли Бобур Парпиевни мамлакатдан чиқармаслик ҳақида Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари компьютер тармоғида белги пайдо бўлди.
Бу маълумотни ОАВга Чегара қўшинлари зобити сиздирди.
Orient Finans Bank бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка 2 апрель куни айтишича¸ банк бошқаруви раиси Бобур Ботирович Парпиев жорий йилнинг 30 мартида Тошкент халқаро аэропортидан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганида ДХХ чегара қўшинлари зобити талаби билан орқага қайтарилган.
Қудратли мулозимларнинг бой болалари
Шариф Иноятов
Январь ойида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган собиқ МХХ раиси генерал Рустам Иноятовнинг 43 яшар ўғли Шариф Иноятов очиқ манбалар асосида суриштирув олиб борувчи Open source investigations журналистик гуруҳи маълумотларига кўра¸ бутун дунё бўйлаб кўчмас мулк ва бизнес ҳиссаларга эга.
“Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган Шариф Иноятов МХХ генерали Рустам Иноятовнинг ўғлидир. У иқтисод фанлари бўйича таълимни ҳорижда, жумладан, Қоҳиранинг Ал-Азҳар университетида олди. Бундан ташқари, у отаси билан Миллий хавфсизлик хизматини оилавий бизнесга айлантирди”, деб ёзган халқаро журналистлар гуруҳи.
2005 йилнинг 23 ноябрида Австрияда рўйхатга олинган Benif Handels GmbH ширкатининг 60 фоизи, Вена шаҳридаги 600 квадрат метрли, 2 қаватли қаср Шариф Иноятов номида эканлиги ҳақидаги юридик ҳужжатлар мавжуд.
Ҳужжатларга кўра, Шариф Иноятов Санкт-Петербургда «Нева Альянс Групп» (Neva Alyans Grupp) масъулияти чекланган ширкат ҳиссадоридир.
Рустам Иноятовнинг ўғли ширкатнинг 50 фоиз, унинг ҳамкорлари Равшан Убайдуллаев ва Бахтиёр Фозиловлар эса, 25 фоиздан улушга эгалик қилишади.
Асосий фаолияти кўчмас мулк сармояларига эгалик қилиш ва бошқариш бўлган «Нева Альянс Групп»нинг устав жамғармаси 7 миллион долларга тенг. Биргина Шариф Иноятовнинг ўзи ширкатга 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.
Open source investigations журналистик гуруҳи очиқлаган маълумотларда Uzgardens ширкати ҳам Иноятовлар оиласига тегишли экани айтилади.
Uzgardens – Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб беришга ихтисослашган йирик ширкатдир.
Бобур Парпиев
2016 йили Ўзбекистондаги хусусий акциядорлик тижорат банки Orient Finans Bank бошқарув раислигига сайланган Бобур Парпиев Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ўғлидир. 2000 йилда Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетининг “халқаро иқтисодий муносабатлар” факультетини, 2006 йилда эса, Тошкент давлат юридик институтининг “Юриспруденция” факультетини тугатган. Иқтисод фанлари номзодлигини ëқлаган.
Исми сир сақланишини истаган тадбиркорнинг айтишича¸ Бобур Парпиев раҳбарлик қилаëтган банк шу кунларда текширилмоқда.
- Ўтган ҳафта Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов қўлга олинган эди. Акмалов билан боғлиқ жиноят иши доирасида Orient Finans Bankка ҳам саволлар пайдо бўлди. Айнан Акмалов Иноятов-Парпиев тандемида яратилган бир нечта банклар фаолиятига имтиëзлар яратиб бериш билан шуғулланган эди¸ дейди Ўзбекистон бошқарувига яқин тадбиркор.
ОАВ