Диндорлар Тошкентдаги судда айбловларни рад қилди
(last modified Tue, 17 Apr 2018 05:27:47 GMT )
апрел 17, 2018 10:27 Asia/Tashkent
  • Диндорлар Тошкентдаги судда айбловларни рад қилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида "Ҳизбут таҳрир" фирқасига аъзоликда айбланаётган 5 диндорнинг маҳкамаси давом этди. Унда Гўзал Тўхтахўжаева ва унинг турмуш ўртоғи Муҳаммад Рашидовларнинг кўрсатмалари тингланди.

Икки судланувчи ўзига қўйилаётган айбларни тўлиқ инкор қилган ва жиноят иши туҳматлигини билдирган.

Гўзал Тўхтахўжаева шу йилнинг 15 январ куни қўлга олинган. Яқинларининг айтишича, у қарийб 10 йил ҳуқуқ тартибот органи ходимлари қӯлга  олса қийнаб туҳмат қилишади, деган қўрқув билан қочиб юрган.

Судда тингловчи сифатида иштирок этган опаси Дилдора Аъзамованинг айтишича, синглисига Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз қилиш айби қўйилмоқда.

"Унга иккита мана шундай айб қўйилган. Биттаси 2004 йилги иш бўйича, иккинчиси 2017 йил ноябр ойидаги айблов бўйича. Синглим иккаласини ҳам рад қилди. Ҳизбут Таҳрирга аъзо эмаслигини. 2004 йили ёш 18 ёшда бўлганлигини, қўлида чақолоғи, хаста турмуш ўртоғи ва қайнонасига қараб уйдан кўчага чиқолмаганини айтди", дейди Дилдора Аъзамова.

Гўзал Тўхтахўжаева айблов хулосасида ёзилишича, у гўё 2017 йилнинг 3 ноябр, жума куни Тошкентнинг Гулбозор маҳалласидаги масжидда ҳамда Минор масжидида "Ҳизбут таҳрир"нинг 14 варақасини тарқатган.

Худди шунга ўхшаш айб яна бир судланувчи Умида Узоқовага қўйилганди.

ЎзА Тошкент шаҳар ИИББ таяниб Умида Узоқова Гулбозор маҳалласида масжидда варақа тарқатганидан сўнг қўлга олинганини ёзганди.

Бироқ Би-би-си изланишлари ушбу хабарнинг ҳақиқатдан йироқлигини кўрсатган.

Кейинчалик бу айб Умида Узоқовадан олиб ташланганди.