Тошкентда ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита мажлиси ўтказилди
(last modified Wed, 18 Apr 2018 12:22:37 GMT )
апрел 18, 2018 17:22 Asia/Tashkent
  • Тошкентда ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита мажлиси ўтказилди
    Тошкентда ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита мажлиси ўтказилди

17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи Қўмитанинг 48-мажлиси бўлиб ўтди.

Қўмита ишига МДҲга аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи Қўмита раиси ўринбосари генерал-лейтенант Павел Кураченко раислик қилди.

Унда Арманистон Республикаси, Белорус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонликлари, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо-давлатлар мудофаа вазирлари кенгаши котибияти вакиллари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа муаммоли масалалари базавий тадқиқотлари давлат ташкилотлари раҳбарлари, Россия Федерацияси мудофаа саноат комплекси корхоналари ва Россия Федерациясининг ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати вакиллари иштирок этди.

Мажлисда бирлашган Ҳаво ҳужуми мудофаа соҳаси тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришга оид 11 та масала ҳамда иштирокчи МДҲ давлатлари ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Мувофиқлаштирувчи қўмита ва унинг ишчи органларининг 2017 йилдаги фаолияти натижалари таҳлил қилинди. МДҲ иштирокчи давлатларнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ҳамкорликдаги “Ҳудудий хавфсизлик - 2018” бирлашган компьютер қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари борасидаги фикри ўрганилиб, радиолокацион таниб олишнинг ягона давлатлараро тизимини ривожлантириш концепциясини татбиқ этиш лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

18 апрель куни мажлис қатнашчилари Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўқув-услубий йиғин машғулотида иштирок этди.

Маълумот ўрнида, МДҲга аъзо давлатларнинг бирлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа  тизими ҳамдўстликка аъзо ўнта давлат томонидан 1995 йилнинг 10 февралида Олмаота шаҳрида имзоланган битим асосида ташкил этилган.

Ҳозирда МДҲга аъзо давлатларнинг бирлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа  тизими таркибига Россия Федерацияси, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон  ва Ўзбекистон Республикаси киради.

Ёрлиқ