Масжидда 40 000 долларлик ӯғрилик
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қашқадарё вилоятидаги масжидга ибодат учун келган шахснинг салкам 40 минг долларини ўғирлашда гумон қилинган икки кишини ушлади.
Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига кўра, маҳаллий тадбиркор Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз шаҳар ИИБга 38 740 доллар пулини ўғирлаб кетишгани ҳақда ариза билан мурожаат қилган.
Тадбиркор шаҳар ҳудудида жойлашган жоме масжидининг таҳоратхонасида ичида 38.740 АҚШ доллари бўлган барсеткасини унутиб қолдиргани ва бир оздан сўнг қайтиб келиб уни тополмаганини маълум қилган.
ИИВ маълумотига кўра, кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Бухоро вилоятида яшовчи ва Тошкент шаҳрида яшовчи икки шахс содир этганлиги аниқланиб, улар қўлга олинган.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Ўғирлик" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари давом этмоқда. Ушбу моддада 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.