Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи очлик ва семизликдан азият чекади?
-
Ўзбекистон аҳолиси
Ўзбекистонда аҳолининг 6,3 фоизи, яъни 1,9 миллион киши тўйиб овқатланмаслиги маълум бўлди. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - FAO ҳисоботи шундан далолат бермоқда.
2010-2012 йилларда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 7,9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2005-2007 йилларда 12,4 фоизни қайд этган.
FAO ҳисоботига кўра, Тожикистонда тўйиб овқатланмаслик кўрсаткичи - 30,1 фоизни, Қирғизистонда - 6,4 фоизни, Туркманистонда - 5,5 фоизни, Қозоғистонда - 2,5 фоизни ташкил қилади.
Марказий Осиё аҳолисининг тўйиб овқат емасликка доир умумий кўрсаткичлари 8,3 фоизни (5,6 миллион киши) қайд этган.
Семизликдан азият чекувчилар кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари бошқа мамлакатларга нисбатан яхшироқ - 14,4 фоиз. Шунингдек Қирғизистон (13 фоиз) ва Тожикистон (10,9 фоиз) ҳам семизлик даражаси энг паст мамлакатлар қаторига киритилган.
Аҳолиси семизликдан энг кўп азият чекувчи мамлакатлар эса - Мальта, Туркия ва Буюк Британия. Мальта аҳолисининг 29,6 фоизи семизлик дардига йўлиққан. Ундан кейинги ўринларда Туркия (29,3 фоиз) ва Буюк Британия Бирлашган қироллиги (29,1 фоиз) келтирилган.