ДХХданмиз, деб ярим миллион долларни ӯмариб кетишди
Ўзларини Давлат Хавфсизлик хизматининг республика идораси ходимлари деб таништирган 3 шахс Бухорода ярим миллион АҚШ долларини олиб Россияга қочиб кетганлар.
Ҳодиса Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида рўй берган.
Когон ёғ-мой заводи собиқ раҳбарининг уйи олдига "Ласетти" машинаси келиб тўхтайди, ундан уч шахс тушадилар.
Улар Тошкентдан келишганини айтишади, ўзларини Давлат Хавфсизлик хизматининг республика идораси ходимлари деб таништиришади, ҳатто хизмат гувоҳномаларини ҳам кўрсатадилар.
Ёғ заводининг собиқ раҳбари устидан Тошкентда жиноят иши қўзғатилгани ва уни пойтахтга олиб кетиш учун келганларини айтадилар.
Қийноққа солмаслик ва ишни "ёпти-ёпти" қилиш учун 1 миллион АҚШ долларини талаб қиладилар.
Нафақахўр собиқ завод раҳбари сохта ДХХчиларни 500 минг долларга кўндирган ва бироз вақтдан кейин уларга шунча пулни берган.
Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган ва товламачилик жиноятини бири асли когонлик, яна тўрт нафари самарқанд шаҳрилик Ўзбекистон фуқаролари содир этганлари аниқланган.
Икки киши Ўзбекистон ҳудудида, яна 3 гумонланувчи Россиянинг Татаристонида қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.