Бердимуҳамедов Ўзбекистонга келди
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Кун.уз сайтига кура, президент Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация самолёти “Тошкент” халқаро аэропортига қўнган. Аэропортда фахрий қоровул саф тортган. Туркманистон раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Гурбангули Бердимуҳамедов 2018 йил 23-24 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Икки томонлама учрашувлар ва олий даражадаги музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилиниши режалаштирилган.