Тошкент бош имоми Анвар қори Турсунов сунъий комада ушлаб турилибди
(last modified Fri, 27 Apr 2018 05:54:18 GMT )
апрел 27, 2018 10:54 Asia/Tashkent
  •  Тошкент бош имоми Анвар қори Турсунов сунъий комада ушлаб турилибди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги бош имом-хатиби, 60 яшар Анвар қори Турсунов Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида 5 апрель куни жарроҳлик амалиëтини бошдан кечирганидан бери сунъий комада қолмоқда.

 Шифокорлар ва Анвар қорининг яқинларига кўра¸ бемор жарроҳлик амалиëтидан кейин бир муддат ўзига келиб яқинлари билан гаплашган.

Шундан кейин  мия тўқималари шишиши ва нобуд бўлиши олдини олиш учун Анвар қори Турсуновни сунъий комада ушлаб туришга врачлар консилиуми қарор берган.  

Айтишларича, бемор айни вақтда сунъий нафас олдириш тизимига улаб қўйилган.  

Уйқудаги имом

Анвар қори Турсунов билан бирга ишлаган собиқ ноиб Аброр Мухтор Алининг  айтишича¸ бемор амалиëт бўлганидан бери уйқуда қолмоқда:

- Аҳволлари ухлатилган вазиятда. Докторлар 10 кун ухлатилади, дейишган эди. Комами ë кома эмасми - буни билмадим. Мавжуд диагноз бўйича ухлатиш керак экан. Буни сунъий кома дейдими - билмайман. Қори ака жарроҳлик амалиëтидан икки кун ўтиб уйғонган¸ менга нима бўлди ўзи, деб сўраган. Овқат еган. Гаплашиб ўтиришган. Кейин яна укол билан ухлатишган¸ деди Анвар қори ишлайдиган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги собиқ ноиби Аброр Мухтор Али.

Тошкент бош имоми вазифаси унинг ноибига юклатилди

 

Анвар қори Турсунов Ўзбекистонда энг кўзга кўринган расмий дин уламоларидан ҳисобланади.

 

2009 йилда Анвар қори суиқасдга нишон бўлган эди.

Ўша йилнинг 31 июль тунида уч нафар шахс Анвар қорини ўзининг уйи ташқарисида 9 жойидан пичоқлагани жиноят иши ҳужжатларида ëзилган.

Ҳужумчилар воқеа жойидан қочгани ортидан 2009 йилда Тошкентда йирик қидирув амалиёти ўтказилган эди.

Қорига суиқасд юзасидан 70 га яқин одам ҳибсга олинган. Аммо маҳкама ёпиқ бўлган.

Суиқасд буюртмачилари ва жиноят мотивлари ҳақида маълумот берилмаган.

 Анвар қори Турсунов 2015 йил ноябридан бошлаб Минор жоме масжидида имом-хатиб сифатида ишлаб келади.

Турсунов бунгача Шайхонтоҳур туманидаги Хўжа Аҳрор Валий масжиди имом-хатиби эди.

Анвар қори Турсунов 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1981 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йили Тошкент Ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятини 1981-1984-йилларда “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган. 1994-1999 йилларда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган.

Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. У 1989-1992 йилларда Қуръони Каримнинг биринчи ўзбекча изоҳли таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

Ёрлиқ