Тошкентдаги суд қийноқларга қарши пикетга айланиб кетди
(last modified Fri, 27 Apr 2018 06:54:15 GMT )
апрел 27, 2018 11:54 Asia/Tashkent
  • Тошкентдаги суд қийноқларга қарши пикетга айланиб кетди

Пайшанба куни Тошкент шаҳар судида "Ҳизбу Таҳрир" аъзолари сифатида айбланаётган 5 киши устидан маҳкама жараёни давом этган.

Тошкентлик эр-хотин, она ва унинг қизи ҳамда ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланишмоқда.

Маҳкама олдида тўпланган судланувчилар яқинлари ҳамда ҳуқуқ фаоллари қийноқ қўллаганларни жазога тортишни талаб қилишган.

Ўтган йил ноябрида ҳибсга олинган Насиба Узоқова 12 кун давомида қийноққа тутилганини айтган.

Экспертиза айбланувчиларнинг баданида қийноқ излари топилмагани учун уларга нисбатан қийноқ қўлланилмаган, деган хулосани берган.

Насиба Узоқованинг қизи Умида Узоқова тергов жараёнида ўзини "ечинтиришгани ва резина таёқ билан зўрлаймиз, деб таҳдид қилишгани" ҳақида кўрсатма берган.

Яна бир судланувчи Гўзал Тўхтахўжаева 2009 йилдан бери қидирувда бўлган ва шу йил 15 январида ушланган.

Гўзал Тўхтахўжаевадан бошқа барча айбланувчилар ўзларига нисбатан тергов жараёнида қийноқ қўлланилганини айтишган.

Ишни олиб борган терговчи Солиҳ Раҳмонов шу йил февралида жараёндан четлатилган ва ҳибсга олингани хабар қилинган.

Сохта айбловлар асосида судланганини айтган тошкентликлардан бирига кўра, терговчи Солиҳ Раҳмонов уларни ноқонуний диний оқимга мансублик айбларига иқрор бўлишга мажбурлаган.

Ҳуқуқ фаоллари қийноқ қўллаган масъулларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишмоқда.

Пайшанба кунги суд жараёни прокурор келмагани важидан 30 апрелга қолдирилган.