ӮЙНАШМАГИЛ АРБОБ БИЛАН мақоли эскирмадими?
(last modified Wed, 02 May 2018 07:58:10 GMT )
май 02, 2018 12:58 Asia/Tashkent
  • ӮЙНАШМАГИЛ АРБОБ БИЛАН мақоли эскирмадими?

Ўзбек журналистикаси ва суд тизими янги синовга дуч келди

Давлат ахборот агентлигини тарқатган хабари учун маҳкамага тортиш мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор учрамоқда.

Тошкентнинг Миробод туман судида Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги - ЎзАнинг 2017 йил 24 ноябрда тарқатган "Шайҳонтоҳур туманида экстремист аёл қўлга олинди" деб сарлавҳаланган мақоласи устидан маҳкама ишини кўриб чиқиш бошланган.

Бу мақолада 22 ноябрь куни Тошкентдаги масжидда "Ҳизбут-Таҳрир" варақасини тарқатган Умида Узоқова ҳибсга олингани айтилган эди.

Аслида эса Умида Узоқова 13 ноябрдан Тошкент ГУВДси изоляторида сақланаётган бўлган.

Мақолада айтилган Умида Узоқовани "Марказ 26" даги кўп қаватли уйда қўлга олингани ҳақидаги хабар ҳам ёлғон экани, Узоқова бу манзилда анчадан буён яшамаётгани аниқланган.

Умида Узоқова ва яқинларининг Тошкент шаҳар ГУВДсида қийноқларга солингани ва қийноқлар асосида иқрорлик кўрсатмалари олингани маҳаллий ва хорижий эркин матбуотда ошкор этилди, ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътиборига тушди.

Айбсизлик презумпциясига зид равишда ўзини ёмонотлиқ қилгани учун Умида Узоқова ЎзА устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

У ахборот агентлигидан маънавий зарарни ундириш ва тарқатган хабарига раддия беришни талаб қилган.

Маълумки, нафақат Ӯзбекистон, балки кӯпчилик постсовет Марказий Осиё республикаларида бундай ҳолат  юз берганда суд даъвогарга ҳаққини ундириб бериш ӯрнига  "Ӯйнашмагил арбоб билан!" деган насиҳатни эслатиш билан кифояланади.

Энди-чи,президент  Мирзиёевнинг ислоҳотлари бутун Ер куррасида олқишлар билан кутиб олинаётган бир пайтда Ӯзбекистон ҳуқуқ- тартибот органлари эски одатларидан воз кеча олишармикин? Ҳақиқатни рӯёбга чиқаришга журъат қилишармикин? Ёхуд президентнинг оламшумул ислоҳотларига чап бериб, жабрдийданинг ӯзини айбдорга чиқариб, "Арбоб урар ҳар боб билан!" шиорини дастаклаб юраверишадими?!

Хулоса ӯзбек журналистикаси ва суд тизими янги синовга дуч келди...

 

PS:   Афсуски... ушбу ишни кузатиш учун Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туман судига борган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи(ИГНПУ) кузатувчилари суд зали йўқлигидан ҳайратга тушганлар.

Умида Узоқованинг ЎзА мухбирига қарши даъво аризасининг дастлабки маҳкама иши ушбу ишни кўриб чиқаётган судьянинг хонасида ўтказилган.

Ҳакамнинг ушбу суд иши ҳақидаги хабарларни фақат ўзининг рухсати билан оммавий ахборот воситаларида тарқатишни талаб қилгани "ғалати бўлди", деган  ИГНПУ раҳбари Сурат Икромов Би-би-си билан суҳбатда.

"Бу талаби қайси қонунга асослангани ҳақида сўраганимда, судья жавоб беролмади", дейди Сурат Икромов.

Синов давом этяпти...