Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосарини қабул қилди
(last modified Mon, 07 May 2018 14:39:41 GMT )
май 07, 2018 19:39 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосарини қабул қилди
    Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни мамлакатга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, барча соҳаларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Суҳбат давомида икки томонлама амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, Ўзбекистонга Амирликлар инвесторларини истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

Ўз навбатида, Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди. Учрашув чоғида меҳмон жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида билдирилган таклифларни Амирликлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.