Сурхондарёда сел келиши сабабли 750 дан ортиқ киши эвакуация қилинди
(last modified Sat, 19 May 2018 06:09:54 GMT )
май 19, 2018 11:09 Asia/Tashkent
  • Сурхондарёда сел
    Сурхондарёда сел

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманидаги Элобод, Азларсой ва Боғор маҳаллалари ҳудудидаги 116та уйда яшовчи 754 нафар аҳолини эвакуация қилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

"18 май соат 17.40да учта маҳалла ҳудудида сел оқими кузатилиб, бир қисм уйларни сув босди. Натижада аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди", — деб маълум қилди ФВВ.

Сел оқибатларини бартараф қилиш учун Қумқўрғон тумани ҳокимлигида туман ҳокими раҳбарлигида тезкор штаб тузилди. Штаб таркибидан фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ички ишлар бўлими, коммунал хизмат ва бошқа тегишли ташкилотлар ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФВВ Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида 22 майгача сел келиш хавфи мавжудлигидан огоҳлантирганди.

14 май куни Самарқанд вилояти Нуробод туманида сел оқими натижасида 62 хўжаликка зарар етган, 16 май куни эса Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 5 нафар инсон ҳалок бўлганди.

Kun.uz’га келиб тушган маълумотларга кўра, кеча бўлиб ўтган кучли ёмғир натижасида Самарқанд туманининг Оҳалик маҳалласида ҳам сел тошқи ни рўй берган ва одамларнинг турар жойларига зиён етказган. Бир оиланинг аёли икки фарзанди билан оқиб кетгани ҳақида расман тасдиқланмаган хабар ҳам бор.

Жомликларнинг ҳикоя қилишларича, вилоятнинг барча раҳбарлари икки кундан буён қишлоқда жам бўлиб туришибди. Вилоят ҳокими Т.Жўраев жабр кўрган хонадонларнинг барчасига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини айтиб, одамларнинг кўнглини кўтарган.

Ёрлиқ