Ўзбекистон ДХХ раҳбари Тожикистонга нима учун борди?
(last modified Wed, 13 Jun 2018 04:09:35 GMT )
июн 13, 2018 09:09 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ДХХ раҳбари Тожикистонга нима учун борди?

Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев Тожикистон пойтахти Душанбега борган.

Тожик веб-сайтларининг хабар қилишича, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевни Душанбе аэропортида Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси(МХДҚ) раиси Саймўмин Ятимовнинг шахси ўзи қарши олган.

МХДҚнинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази хабар тарқатишича, Ўзбекистон ва Тожикистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари халқаро терроризмга қарши курашда, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва ўзаро ахборот алмашиш борасида ҳамкорлик қилишни кўзда тутган битимни имзолаганлар.

Тожикистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишларича, Ўзбек хавфсизлик хизмати раҳбарининг Тожикистонга сафари режасида Роғун ГЭСи қурилиш майдонига бориш ҳам кўзда тутилган.

Марказий Осиё янгиликлари ва таҳлилига бағишланган "Фергана" ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Тожикистон хавфсизлик хизматларининг ҳамкорлиги ҳақида сўнгги 25 йил мобайнида бирорта ҳам хабар бўлмаганига эътибор қаратган.

Икки мамлакат хавфсизлик хизматлари биргаликда бирорта ҳам қўшма амалиёт ўтказмаганлар, деб ёзган "Фергана.ру".

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиб, қўшни мамлакатлар билан Ўзбекистоннинг муносабатлари яхшилана бошлаганидан кейин вазият ўзгарди.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегаралари очилди, икки мамлакат фуқароларининг ўтиб-қайтишлари осонлашди.

2018 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи тарихий ташриф деб таърифланди.

Апрель ойида Ўзбекистон ва Тожикистон махсус хизматлари терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш амалларида ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишиб олганларини эълон қилдилар.

                                                                                                                                                                                            BBC