Диний идора ўқувчиларнинг рўмол ҳуқуқи тўғрисидаги мурожаатини ўчириб ташлади
Сурхондарёга ўқиш учун келган афғон талабалари
Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси 23 июнь куни мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраб юриш ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирган мурожаатини олиб ташлади. Муносабат 24 июнь куни диний идора сайти ва телеграм каналидан ўчирилган.
Кузатувчилар ушбу мурожаатни Диний идора томонидан илк маротаба мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳукуматдан очиқ талаб қилиш ҳолати деб баҳолаётганди. Унинг нима сабабдан олиб ташланганлигини маълум эмас.
Google Cash да мақолани кўриш мумкин, бироқ уни очиш учун сайтга борилган вақти "Материал топилмади" деган ёзув чиқмоқда. Мурожаат веб сайтдан техник сабабларга кўра ўчиб кетган бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Бироқ мурожаатнинг Диний идоранинг Telegram даги каналидан ҳам ғойиб бўлиши, унинг олиб ташланганлигини билдириши мумкин.
"Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ"нинг 9-бандига Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг муносабати Аллоҳга шукроналик ва Президентни мадҳ қилиш билан бошланганди.
Диний идорага кўра, regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган низомнинг 9-банди муҳокамаси юзасидан уларга кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Ташкилот Ислом динида баён қилинган масалаларга асосланган ва Ўзбекистон қонунларига таяниб уни ўзгартиришни таклиф қилган.
"Қиз бола бўлган мактаб ўқувчиларини рўмолда юришлари масаласида Диний идорага жуда кўп мурожаатлар бўлаётгани сабабли Ислом динида баён этилган масалаларга асосланган ҳолда виждон ва эътиқод эркинлиги борасидаги қонун ҳужжатларига таяниб, мазкур бандни қуйидагича баён этишни таклиф этади: "Ўқувчиларнинг таълим муассасаси биноси ичида бош кийимда ёки бош кийимсиз юришлари ихтиёрийдир", дейилади унда.
Диний идора Увайсий, Нодирабегим ҳамда Имом Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбандларнингнинг оналари ҳам рўмол ўраб юрганини мисол тариқасида келтирган.
"Демакки, рўмол қадим-қадимдан миллийлигимиз, ўзлигимизнинг ҳам ажралмас қисми бўлган. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги кунда она сиймоси тасвирланганда сипо кийинган, енги узун, сатр аврати ёпиқ, бошига аввал кичкина рўмол ўраган, устидан катта рўмолини елкалари узра ташлаб олган аёл сиймоси гавдалантирилади", дейилади Диний идора мурожаатида.
Ташкилот ушбу масала одамлар истаган шаклда ижобий ҳал этилишига умид қилишини билдирган.
"Баён этилганлардан келиб чиқиб, тараққиётимизнинг янги босқичида, республикамизда халққа хизмат қилиш ва уни рози қилиш олий мақсад эканини эътиборга олиб, мазкур масалани фуқароларимиз истаган шаклда ижобий ҳал этилишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси умид қилади."
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасининг 9 бандида ўқувчиларнинг бош кийимсиз юриши кўрсатиб қўйилган.
"Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно".
Ушбу банд ижтимоий тармоқлардаги диндор фойдаланувчиларнинг норозилигиа сабаб бўлган.
Уларга кўра, бу банд фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини очиқдан очиқ поймол қилишдир.
BBC