Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. БМТ Болалар жамғармасининг ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Делегация ташрифи муносабати билан пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, депутатлар, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарлари Танзила Норбоева ва Азиз Абдуҳакимов, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон сўзга чиқди. БМТнинг Болалар жамғармаси она ва бола саломатлиги, улар ўртасида ўлим даражасини камайтириш, оналар ва болалар озиқланиши борасидаги энг илғор тажрибани ҳаётга татбиқ қилиш, ОИВнинг олдини олиш бўйича қонун ижодкорлиги, соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишдек муҳим масалаларда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Бунда 2016 йилда мамлакатда ЮНИСЕФ билан имзоланган ҳамкорлик дастури муҳим ўрин тутмоқда. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат болалар фаровонлиги билан боғлиқ стратегик ёндашувларни ўзида акс эттирган.
Мамлакатда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи кўмагида болаларни миграция таъсиридан асрашга қаратилган янги лойиҳанинг амалга оширилиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.