Президентга табриклар : Улкан ӯзгаришлар бӯлди, аммо...
Энг муҳими, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, дин эркинлиги, ҳаракат эркинлиги каби соҳаларда олдинга қараб силжидик.
Мусанниф Адҳам, блогер: Ҳурматли президент Шавкат ака Мирзиёев! Сизни чиройли қилиб мақташ қўлимдан келади - ҳар ҳолда анча-мунча маддоҳлардан кўра сўз бойлигим кўпроқ. Лекин шу мадҳиялар таъсирида ҳақдан узоқлашиб, иллюзияга - ёлғон тасаввурга кириб бораётгандексиз, чамамда.
Амалда президент бўлганингиздан буён қарийб икки йил ўтган бўлса, Ўзбекистонда анча яхши ўзгаришлар бўлди, иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам бир қадар юксалдик. Энг муҳими, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, дин эркинлиги, ҳаракат эркинлиги каби соҳаларда олдинга қараб силжидик. Матбуотнинг кучайиши, масжидларда азоннинг баланд овозда айтилиши, вилоятлар ўртасида халқнинг оёғига тушов бўлиб келган постларнинг олиб ташланиши, Тошкент пропискаси ва ОВИРни бекор қилишга ҳаракат (ҳозирча амалий иш бошланмаган бўлса ҳам) ва бошқа ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Аммо сўнгги бир ойда яна орқага, Ислом Каримов бошқаруви давридаги ёпиқлик, ўз қобиғига ўралиш сиёсатига қайта бошлагандекмиз. Бу аввало, ҳар доимгидек диний сиёсатда кўриняпти: фаол имомлар ишдан бўшатилди, азон овози пасайтирилди, яна эски фобия - турли хил тўқима, фақат назариядагина мавжуд оқимлар ҳақидаги ваҳима бош кўтарди.