Алҳазар! Cурхондарёлик севишганлар ўзларини поезд тагига ташлашди
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидан ўтадиган поезд остига 17 яшар қиз ва 20 яшар йигит ўзларини бирга ташлаб ҳалок бӯлишди.
Марҳумлар яқинларининг айтишларича, бу икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган, лекин қизнинг яқинлари бу никоҳга рухсат бермаган.
Сурхондарё вилояти темир йўл милицияси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.
Жарқўрғон туманининг Қум қишлоғида яшаган 17 яшар Г.Қ. ва 20 яшар Б.К. 10 августга ўтар кечаси, соат 02.08 да Термиз-Қумқўрғон-Тошкент темир йўлидан ўтаётган юк поездининг остига ташлаб ўз жонига қасд қилган.
Исми сир қолишини сўраган Қумқишлоқ маҳлла фаолларидан бирининг айтишича, оталардан бирининг никоҳга розилик бермагани ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин:
“Бу қиз ҳали мактабда ўқийди, бу йил 11 синфга ўтган эди. Улар севишган, аммо қизнинг яқинларидан бири уларнинг келажакдаги никоҳига жиддий қарши бўлган. Тахмин қилишларича, шу сабаб иккаласи ўзларини бирга поезднинг остига ташлаган. Поезд эзиб ўтиб кетган. Кеча жанозаси бўлди икковини. Иккаласи маҳалладош бўлган. Йигитнинг отаси ҳаёт, онаси сал илгарироқ вафот этган эди. Оилада кенжа ўғил эди. Қишлоқда катта мотам бўлди”, дейди маҳалла фаолларидан бири.
Ўзбекистонда маиший муаммолар, ота-оналарнинг ёшлар никоҳига тўсқинлик қилиши оқибатида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.