Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро авиақатновлар сонини оширади
Тошкентда 17 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон авиация расмийлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳамда Қирғизистоннинг Air Manas ва Avia Traffic Company ширкатлари вакиллари ҳам қатнашган.
«Газета.uz»нинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизматига таяниб хабар беришича, томонлар «Тошкент—Бишкек—Тошкент» йўналиши бўйлаб парвозлар сонини ҳафтасига тўрттагача кўпайтиришга,
шунингдек, Қирғизистон томонидан ҳафтасига бир марта «Ўш—Тошкент—Ўш» йўналиши бўйлаб парвозларни йўлга қўйишга келишиб олган.
Бундан ташқари, йўловчи оқими мавжуд бўлган ҳолларда «Тошкент—Томчи (Иссиқкўл)—Тошкент», «Бишкек—Самарқанд—Бишкек» ва «Ўш—Самарқанд—Ўш» йўналишлари бўйича чартер рейсларини амалга оширишга ҳам келишиб олинган.