Ўзбекистон иқтисодга доллар таъсирини камайтирмоқда
(last modified Sun, 19 Aug 2018 14:32:14 GMT )
август 19, 2018 19:32 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон иқтисод
    Ўзбекистон иқтисод

ТОШКЕНТ, 19 авг – Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларининг Марказий банкда сақланадиган мажбурий резервларига доир муҳим ўзгартиришлар киритди.

Пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган чоралар доирасида Марказий банк Бошқаруви томонидан мажбурий резервлар тартиби ва меъёрларига, жорий йилнинг 1 октябридан амал қилиниши кўзда тутилган ўзгартиришлар киритилди. Хусусан: 

- мажбурий резервларни тижорат банклар томонидан жалб қилинган мажбуриятларнинг валютасидан қатъий назар фақат миллий валютада шакллантириш бўйича тартиб ўрнатилмоқда;

- юридик ва жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича меъёрлари бир хиллаштирилмоқда;

- юридик шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари учун мажбурий резервлар меъёрлари пасайтирилмоқда;

- чет эл валютасидаги депозитлар бўйича мажбурий резервлар учун нисбатан юқори меъёрлар киритилмоқда.

Масалан, янги тартиб бўйича, юридик ва жисмоний шахсларнинг муддати 1 йилдан 2 йилгача бўлган депозитлари миқдори миллий валютада сақланган ҳолда - 2% бўлиши, хорижий валютада сақланган ҳолда - 7 % бўлиши талаб қилинади. 

Иккинчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг муддати бир йилгача бўлган депозитлари миқдори, миллий валютада сақланган ҳолда - 4%, хорижий валютада сақланган ҳолда - 14 % бўлиши талаб қилинади. 

Банк хабарида айтилишига кўра, ушбу ўзгартиришлардан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг жозибадорлигини ошириш;

иқтисодиётдаги “долларлашув” даражасини камайтириш;

банк тизимидаги ликвидликни тартибга солишда бозор механизмларининг самарадорлигини ошиши.

Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляциянинг прогноз даражаси ва фоиз ставкалари динамикасидан келиб чиқиб, келгусида пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини ошириш мақсадида унинг инструментларига Марказий банк томонидан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.

 

Ёрлиқ